АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига (РФПИ) нисбатан санкцияларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
The New York Times (NYT) нашри хабар беришича, бу ҳақда музокаралардан хабардор манбалар маълум қилган.
Қайд этилишича, Вашингтон жамғарманинг санкциялар рўйхатидан чиқариш ҳақидаги аризасини белгиланган тартибда кўриб чиқмоқда. Санкциялар рўйхатидан чиқарилиш учун жамғарма унга нисбатан дастлаб чекловлар жорий этилишига асос бўлган сабаблар энди мавжуд эмаслигини исботлаши керак.
Манбага кўра, мазкур чора Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳамда Россия—Украина можаросини ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 9 октябрь куни Трамп Россия етакчиси Владимир Путин билан Россия дизель ёқилғисини АҚШ ва жаҳон бозорларига етказиб бериш бўйича келишувга эришилганини маълум қилган эди.
Шу куни АҚШ Молия вазирлиги Россия дизель ёқилғиси билан боғлиқ операцияларни 2027 йил 7 апрелга қадар амалга оширишга рухсат берувчи умумий лицензияни эълон қилди.
Кўп ўтмай, АҚШ Молия вазирлигининг илтимосига кўра, мазкур келишувни амалга ошириш жараёнига Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ҳам жалб этилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.