АҚШ Ҳиндистонга 92,8 миллион долларлик икки ҳарбий қурол-аслаҳа сотишни маъқуллади.
Бу пакет таркибига Жавелин танкига қарши ракеталари ҳамда юқори аниқликдаги артиллерия снарядлари киради.
Бу воқеа Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Доналд Трампнинг Вашингтондаги учрашувидан тўққиз ой ўтиб рўй бермоқда. Ўша учрашувда икки етакчи мудофаа алоқаларини ривожлантиришга содиқлигини билдирган эди.
Хабар берилишича, Трамп Ҳиндистондан кўпроқ Америка қуролларини харид қилишни сўраган.
Россия ҳанузгача Ҳиндистоннинг асосий қурол етказиб берувчиси бўлиб қолаётган бўлсада, унинг улуши 2017–2023 йиллар оралиғида 62 фоиздан 34 фоизга тушди. Ҳиндистон эса тобора кўпроқ АҚШ қуролларини сотиб олаётгани кузатилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги мудофаа савдоси деярли нол даражадан 20 миллиард долларгача ошиб, АҚШни Ҳиндистоннинг Россия ва Франциядан кейинги учинчи йирик қурол етказиб берувчисига айлантирди.
Баёнотда айтилишича, Жавелин танкга қарши ракета тизимининг 45,7 миллион долларлик савдоси келишилган. Пакетга 100 та ФГМ-148 Жавелин ракетаси, бир дона синов учун мўлжалланган ракета киради.
Шунингдек, ўқув ракеталари, тренажёрлар, эҳтиёт қисмлар, техник ёрдам ва бошқа логистика хизматлари ҳам қамраб олинган.
Яна бир алоҳида хабарномада 47,1 миллион долларлик битимга кўра, 216 тагача М982А1 Эхcалибур аниқ зарба берувчи артиллерия снарядлари, ўт очишни бошқариш тизимлари, праимерлар, ўқ-дорилар учун зарядлар, техник ҳужжатлар ва таъмирлаш хизматлари сотувига ҳам рухсат берилди.
Бу ҳодиса шунингдек икки давлат ўртасида савдо келишувини якунлаш жараёни ва кескинликни юмшатиш даврига тўғри келмоқда.