Sky News телеканалининг хабар беришича, 1300 дан ортиқ Strava иловаси фойдаланувчилари Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларидан туриб ўз машғулотларини улашган. Эрон бу маълумотлардан минтақадаги Америка кучларини нишонга олишда фойдаланган бўлиши мумкин.
Strava иловаси фойдаланувчиларга югуриш, велосипед ҳайдаш ва сузиш вақтида босиб ўтилган аниқ йўналишлар ҳамда вақтни улашиш имконини беради. АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларида минглаб шундай машғулотлар қайд этилган.
Натижада базадаги кундалик тартиб-қоидалар, шахсий таркибнинг жойлашуви ва ҳарбийларнинг базалар ўртасидаги ҳаракатланиш тартибини кузатиш имкони бўлган. Улар орасида оммавий хариталарда белгиланмаган базалар ҳам бор.
Ўз фаоллигини Strava'да улашиб борган фойдаланувчиларнинг аксарияти буни ҳақиқий исмлари билан амалга оширган. Бу эса уларни ҳужум ёки жосуслик учун потенсиал нишонга айлантирган. Пентагон етти йил аввал ходимларига илованинг жойлашувни узатиш функцияларидан берухсат фойдаланишни тақиқлаганди.