АҚШ кучлари Афғонистонни тарк этганидан беш йил ўтиб, “Толибон” ҳукумати америкаликларга яна мамлакатга қайтишни таклиф қилмоқда. Бироқ Кобул бу сафар ҳарбийлар эмас, балки дипломатлар ва сармояларни кутмоқда.
Бу ҳақда “Толибон” ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Кобулда The New York Times нашрига интервюсида маълум қилди.
"Биз уруш саҳифаси ёпилди деб ҳисоблаймиз. Энди ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар ва ижобий ҳамкорликнинг янги даврини бошламоқчимиз", — деди Афғонистон ташқи ишлар вазири.
Унинг таъкидлашича, АҚШ Кобулда ўз элчихонасини қайта очиши, дипломатик иштирокини сақлаб қолиши ҳамда Афғонистоннинг бой минерал ресурслари, тўғонлари ва йўлларига сармоя киритиши мумкин. Ваҳоланки, Қўшма Штатлар ва уларнинг иттифоқчилари бу лойиҳаларни ривожлантириш учун миллиардлаб доллар сарфлаган, “Толибон” эса 20 йил давомида уларни йўқ қилишга уриниб келган эди.
Кобул сиёсатидан хабардор собиқ АҚШ ва Афғонистон расмийларининг таъкидлашича, “Толибон” ҳукумати Доналд Трамп маъмурияти билан муносабатларни тиклашни ўз дипломатик саъй-ҳаракатларининг энг олий ютуғи деб билган бўларди. Чунки Трамп маъмурияти тижорат дипломатиясига мойил ва инсон ҳуқуқларига унчалик эътибор қаратмайди.