Дональд Трамп маъмурияти Исроил томонидан ушлаб турилган Фаластин солиқ маблағларининг бир қисмини Ғазо секторини урушдан кейинги тиклаш ишларига йўналтириш масаласини муҳокама қилмоқда.
Reuters ва The Times of Israel манбаларига кўра, Вашингтон ҳозирча Тел-Авивга расмий мурожаат юбориш бўйича якуний қарор қабул қилмаган. Муҳокама қилинаётган режага кўра, маблағларнинг бир қисми АҚШ қўллаб-қувватлаётган Ғазодаги ўтиш даври маъмуриятига, қолган қисми эса ислоҳотлар шарти билан Фаластин маъмуриятига ўтказилиши мумкин.
Фаластин томони Исроил ушлаб турган солиқ маблағлари ҳажмини тахминан 5 миллиард доллар деб баҳоламоқда.
Ғазони тиклашни мувофиқлаштириш учун жорий йил январь ойида халқаро “Тинчлик кенгаши” ташкил этилгани эълон қилинган эди. Февраль ойида Вашингтонда ўтган биринчи йиғилишда тўққиз давлат Ғазога 7 миллиард доллар ёрдам ажратишга ваъда берган. АҚШ эса қўшимча 10 миллиард доллар тақдим этишини билдирган.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ғазо секторини тўлиқ тиклаш учун тахминан 70 миллиард доллар талаб этилади.