АҚШ маъмурияти G7 давлатлари вакилларига Россия нефтини сотиб олувчи давлатларга бож жорий этиши кераклигини айтди.
Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги ва АҚШнинг савдо музокараларидаги вакили идораси томонидан чоп этилган қўшма баёнотда айтилган.
Баёнотда таъкидланганидек, "Катта еттилик" давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) вакиллари билан аввалги маслаҳатлашувларда АҚШ Молия вазирлиги раҳбари Скотт Бессент "АҚШ президенти Дональд Трампнинг чақириғини яна бир бор таъкидлади". Вазирнинг сўзларига кўра, G7 давлатлари, агар улар Россия-Украина урушини тўхтатишга чинакам содиқ бўлсалар, Россиядан нефть сотиб олувчи давлатларга божлар жорий этишда АҚШга қўшилиши керак.
Бессент ва АҚШнинг савдо музокараларидаги вакили Жеймисон Грир "санкциялар босимини ошириш ва Украинанинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш учун иммобилизация қилинган Россия активларидан фойдаланишни кўриб чиқиш мажбуриятини олқишлади". Бессент ва Грир, шунингдек, Ғарб давлатлари Россиянинг даромадларини камайтириш ва етарлича иқтисодий босим ўтказиш учун биргаликда ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлади. "Катта еттилик"даги ҳамкасбларимизнинг урушни тўхтатишга содиқ эканликлари ҳақидаги ваъдалари бизни руҳлантирди ва умид қиламизки, улар бу муҳим вақтда биз билан бирга қатъий чоралар кўришади", — дея Бессент ва Грирнинг қўшма баёнотидан иқтибос келтиради АҚШ Молия вазирлиги.