Имом март ойида АҚШ Иммиграция ва Божхона назорати хизмати (ICE) ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва 80 кундан ортиқ вақт ҳибсда сақланган. Кейин федерал суд уни иш кўриб чиқилгунига қадар озод қилишга рухсат берган.
Энди иммиграция судьяси Жейми Салинардьи Сарсурни депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Адвокатларининг айтишича, қарор АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Сарсур фаолияти мамлакатнинг антисемитизмга қарши кураш борасидаги ташқи сиёсатига зарар етказиши мумкинлиги ҳақидаги хулосасига асосланган.
Сарсурнинг ҳимояси мазкур қарор АҚШ Конституциясида кафолатланган сўз эркинлигига таҳдид солишини таъкидлаб, қарор устидан шикоят қилишини билдирди.
Сарсур эса мамлакатда қолиш ҳуқуқи учун курашни давом эттиришини айтди. Унинг олти нафар фарзанди ва ўн нафар набираси АҚШ фуқаролари ҳисобланади.