Дания бош вазири Метте Фредериксен АҚШ Украинада фойдаланилаётган Starshield сунъий йўлдош алоқа тизимини ўчирмаслиги кераклигини билдирди. Унинг таъкидлашича, мазкур тизим ишдан чиқарилса, Европани ҳимоя қилиш имкониятлари чекланади.
Starshield — АҚШнинг ҳарбийлар учун мўлжалланган, Starlink хизматларига асосланган сунъий йўлдош алоқа тизими бўлиб, ундан Украина Қуролли кучлари ҳам фойдаланади.
Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи етакчилари саммити чоғида DW мухбири АҚШ истаган пайтда тизимни ёқиб-ўчириши мумкинми, деган савол билан Фредериксенга мурожаат қилди.
«Агар АҚШ НАТОни ҳимоя қилишни, Европани ҳимоя қилишни истаса, бу тизимдан фойдаланиш имконияти сақланиб қолиши керак», — деди Дания бош вазири.
Шу куни Украина Мудофаа кучлари Starshield терминаллари фаолияти қайта тикланганини маълум қилди.
«Ҳозирги вақтда Starshield тизимининг дала шароитидаги фаолияти қайта тикланди ва давом этмоқда. Буни ҳарбий бўлинмалардан келаётган ҳисоботлар орқали қайд этмоқдамиз», — дея Украина Мудофаа вазирлигидаги манбаларнинг сўзларини келтирди «Укринформ» агентлиги.
Аввалроқ Россиянинг Киевга қилган ҳужумлари пайтида Украина расмийлари Ғарб иттифоқчиларидан, хусусан, АҚШдан баллистик ракета таҳдидлари ҳақидаги маълумотларни яна ололмаганини билдирган эди. Шунингдек, Starshield тизими ишига чекловлар қўйилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.
Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан буён SpaceX компаниясининг Starlink сунъий йўлдош интернети Украина армиясининг фронтдаги алоқа тизими асосларидан бирига айланди. Ушбу технологиядан, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларини бошқаришда ҳам фойдаланилади.