АҚШнинг жанубий чегарасини патрул қилишда ўрмон ва тепаликларда ҳаракатлана оладиган, шунингдек, одамларни қидириш имкониятига эга одамсимон разведка роботларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Foundation компанияси бош директори Санкает Патак Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Патакнинг айтишича, компания АҚШ миллий хавфсизлиги учун масъул деярли барча давлат тузилмалари билан музокара олиб бормоқда.
"Биз миллий хавфсизлик учун жавоб берадиган деярли барча давлат идоралари — Ҳарбий-ҳаво кучлари, Ҳарбий-денгиз кучлари, армия ва Ички хавфсизлик вазирлиги билан музокаралар олиб боряпмиз", — деди у.
Унинг сўзларига кўра, одамсимон роботлар чегарани бузиб ўтишга уринаётган шахсларни аниқлаши ва бу ҳақда чегарачиларга маълумот узатиши мумкин. Якуний қарорни эса инсон қабул қилади.
"Улар одамни аниқлайди, сўнг сигнал юборади. Кейин нима қилиш кераклигини инсоннинг ўзи ҳал қилади", — дея тушунтирди Патак.
Foundation раҳбари, шунингдек, зарурат туғилганда бундай роботларни қуроллантириш имконияти ҳам мавжудлигини қўшимча қилди.