АҚШ, Британия ва Канада Россияни Молдовада октябрь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаларига таъсир ўтказишга уринаётганликда айблади. 13 июнь, пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган уч ҳукуматнинг қўшма баёнотида айтилишича, Россия дезинформация ва онлайн ташвиқотдан фойдаланиб жамиятдаги кескинликни кучайтиришга ва ғарбпараст Молдова президенти Майя Сандунинг амалдаги жамоасига нисбатан салбий муносабатни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
«Биз демократик ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимизни Россия субъектлари Молдовада 2024 йил кузида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаларига таъсир ўтказишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантириш учун шундай қадам ташламоқдамиз», — дейилади баёнотда. АҚШ, Британия ва Канада ҳукуматлари Россия ҳозирда президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаётганини ва «бу Россия субъектлари ўз мақсадларига эришиш учун интернетда, ҳавода ва кўчаларда дезинформация ва ташвиқотдан фаол фойдаланаётганини» таъкидлади.
Улар, хусусан, Санду ҳамда унинг «Ҳаракат ва бирдамлик» партиясини (ПАС) «норозилик намойишларини қўзғатиш мақсадида» танқид қилиш ва «ҳозирги президентнинг характери ва ниятлари ҳақида ёлғон» тарқатишни режалаштириш, шунингдек, «сайловлар пайтидаги қонунбузарликлар»ни тарқатишни режалаштирмоқда», дейилади баёнотда. «Агар Россиянинг Молдовадаги сайловларга аралашуви муваффақиятсиз бўлса, Москва норозилик уйғотишга ҳаракат қилади, дейишга асос бор», — дея огоҳлантирган уч ҳукумат.
Президент сайловлари ва ЕИга кириш бўйича референдум
Молдовада президентлик сайловлари 20 октябрь куни бўлиб ўтади. Давлат раҳбари лавозимини 2020 йил декабридан бери Майя Санду эгаллаб келмоқда. У иккинчи муддатга президентликка номзодини қўйиш ниятида. Президентлик сайловлари билан бир кунда республиканинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдум бўлиб ўтади. Овоз бериш натижалари ижобий бўлса, Европа Иттифоқига қўшилиш Молдова конституциясига «стратегик мақсад» сифатида киритилади.