АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини билдирди. Унинг фикрича, ўзгаришлар амалга оширилмаса, ташкилот келажакда жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин.
9 ноябрь куни Парижда журналистлар билан суҳбатлашган Рубио БМТнинг ҳозирги фаолияти ва самарадорлиги юзасидан танқидий фикрлар билдирди.
«Менимча, БМТни қутқариб қоладиган нарса — унинг ислоҳ қилинишидир. Агар бундай бўлмаса, ташкилот катта қийинчиликларга дуч келади», — деди АҚШ Давлат котиби.
Рубио Вашингтон БМТнинг навбатдаги Бош котиби лавозимида ислоҳотларни амалга оширишга чиндан ҳам тайёр бўлган шахсни кўришни исташини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ташкилотда ортиқча бюрократия ва самарасиз харажатлар кўпайган. Шу боис БМТ ўзининг асосий вазифаларига қайтиши ва халқаро инқирозларни ҳал этишда фаолроқ иштирок этиши керак.
Аввалроқ Рубио БМТ агентликларини қоғозбозликни қисқартириш ва инсонпарварлик ёрдамини етказиш самарадорлигини оширишга чақирган эди.