Маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни қабул қилгани – давлат хизмати ва одоб-ахлоқ тўғрисидаги қонунчилик нормаларини бузиш ҳисобланади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳолат юзасидан Kun.uz сўровига жавобида келтирилади.
Агентлик «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан тасдиқланган давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларининг 13-бандида давлат фуқаролик хизматчиси педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги белгиланганини эслатган.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларининг 3-бандига кўра, давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиши, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиши лозим.
Шу қоидаларнинг 7-бандига кўра, давлат хизматчиси ўзг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши лозимлиги қайд этилган.
Шу билан биргаликда, мазкур қоидаларнинг 29-бандида давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлиши белгиланган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамасига вазир Озодбек Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш ва уни келгусида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши лозимлиги ҳақида қатъий огоҳлантириш масаласини кўриб чиқиш бўйича сўровнома юборилган.
Келгусида давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари Агентлик томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилиши қайд этилган.
Январ ойи бошида ижтимоий тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ ижро этаётгани ва унга қистирилган пулларни қабул қилаётгани акс этган видео тарқалди.
Ушбу видео тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Айримлар Озодбек Назарбеков санъат вакили экани, шу сабабли тўй-тадбирларда мухлислар даврасида қўшиқлар айтишда ва концерт беришда давом этиши кераклигинини билдиришган, шу билан бирга, у вазир сифатида тўйлардан даромад топиши нотўғри эканини таъкидлаганлар ҳам кўп эди.