Бугун 18 июль, 2026 йил, шанба

O'ZB

Аномал иссиқда ўзингизни ва яқинларингизни қандай асрашни биласизми? ЖССТ тавсияларига амал қилинг!

Аномал иссиқда ўзингизни ва яқинларингизни қандай асрашни биласизми? ЖССТ тавсияларига амал қилинг!

Ёз жазирамасини енгил ўтказиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг қатор тавсияларини ишлаб чиққан ва уни ҳар йили янгилаб боради. Умуман олганда, кўпчилик ёзда нима қилиш кераклигини билади: офтобда юриш мумкин эмас, кўпроқ сув ичиш зарур… Амал қилишга келганда эса, ҳар доим ҳам ҳафсала топилавермайди.

ЖССТ тавсиялари асосида таҳририятимиз ўзига хос йўриқнома ишлаб чиққан ва буни яна бир бор эслатишни жоиз деб топдик.

Кимлар учун хавфли?

Иссиқ ҳаво, биринчи навбатда, қариялар, чақалоқлар, сурункали касаллиги бор беморлар ва очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун хавфли. Иссиқда узоқ қолиш юрак-қон томир, нафас олиш ва буйрак касалликларини ва руҳий саломатлик муаммоларини кучайтириши мумкин.

Ёзнинг яна бир катта муаммоси: ёшман, соғломман, деб ҳисоблаб, иссиқни назар-писанд қилмаслик ва оқибатда қуёш уриши ёки ундан ҳам ёмони, иссиқлик уришидир. Оқибатда тана сувсизланиб, бош оғриғи, тана ҳарорати ошиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бурундан қон кетиши ва ҳатто хушдан кетиб, йиқилиш ҳолатлари кузатилади.

Шундай нохуш ҳолатга тушмаслик учун:

  • Қуёш нури фаол бўлган вақтда кўчага чиқмаслик: 12:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғи энг хавфли ҳисобланади.
  • Деразалардан қуёш нури тўғридан-тўғри тушишининг олдини олиш: кундуз кунлари қалин парда ёки жалюзи билан тўсиш ёрдам беради.
  • Хона ҳарорати кундуз кунлари 32 даражадан, кечки вақтда эса 24 даражадан ошиб кетмаслигини назорат қилиб туриш керак.
  • Оғир жисмоний ишларни куннинг салқин вақтида бажариш тавсия қилинади.
  • Болалар ва ҳайвонларни автомобил ичида қолдириш ўта хавфли.
  • Тана сувсизланишининг олдини олиш учун чанқамасангиз ҳам, тез-тез ва оз-оздан сув ичиб туринг.
  • Кофе, энергетик ва спиртли ичимликлар, шакарли ширин сувлар иссиқда танани қийнайди, холос.
  • Оддий сув, турли дамламалар, айрон, лимонли сув эса енгиллик беради.
  • Ёғли ва оқсилга бой овқатларни камроқ истеъмол қилган маъқул.
  • Илиқ душ қабул қилинг. Бу усул танадаги ортиқча иссиқликни чиқаришга ёрдам беради.
  • Табиий матодан тикилган, очиқ рангли ва кенг кийимлар кийишга ҳаракат қилинг.
  • Кундуз кунлари бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнаксиз кўчага чиқманг.
  • Дориларни сақлашда ҳам ёзда кўпроқ эътиборли бўлиш керак. 25 градусдан баланд ҳароратда дори сифати ўзгаради.
Киритилди: 17:11 27.06.2026. Ўқилди: 1031 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!