Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Андижонда укасининг кўкрагига пичоқ санчган коллеж ўқувчисига ҳукм ўқилди

Андижонда укасининг кўкрагига пичоқ санчган коллеж ўқувчисига ҳукм ўқилди

Аслида Шокир (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилди)нинг нияти ёмон эмасди. Ўша куни бош кийим устида укаси билан жанжаллашиб қолди-ю, «Бир қўрқитиб қўяй» деган ўйда хонтахта устида турган ошхона пичоғини унга қарата отди. Ака нишонга олишда адашмаганди: пичоқ тўғри бориб, уканинг чап кўкрак қафасига санчилди.

«Қошиқни оламан деб....»

«Ўша куни соат 16.00 да даладаги ишларни тугатиб, уйга қайтиб келдим. Ичкарига кириб қарасам, укам Дилдшодга берган бош кийимим чанг арқон орасида ётибди. Жаҳлим чиқиб, Дилшодни чақирдим. Жавоб беравермагач, уни излаб, ошхонага кирдим» – дея судда кўрсатма берган Шокир Алимов бўлиб ўтган воқеа қасддан содир этилмаганини баён этди.

Аслида ҳам ака жигарини ўлдиришни режа қилмаган, аммо киши ғазаб отига минган вақт нима қилаётганини назорат қилолмай қолади. Шу куни укаси берган бош кийими чанг арқон орасида ётганини кўрган Шокир ундан ҳисоб сўрайди. Уканинг мужмал жавобидан қони қайнаган ака, дастурхон устида турган қошиқни унга қарата отаман, деб, адашиб пичоқни отиб юборади. Пичоқ Дилшоднинг ёнбошига тегиб деворга урилади. Бу вақтда Дилшод ўтириб қолган эди. Деворга урилган пичоқ, ёнбош аралаш йигитнинг кўкрак қафасига санчилади. Бундай бўлишини кутмаган Шокир дарҳол укасининг ёнига бориб, пичоқни кўкрак қафасидан чиқаради ва қон оқаётган жойга устки кийимини босиб туради. Онаси билан бирга Дилшодга биринчи ёрдам кўрсатган Шокир уни шифохонага олиб боради.

«Илгари ҳечам жанжаллашишмаган»

Дилшоднинг шифохонага тушиб қолгани, Шокирнинг терговда экани маълум бўлгач, «Ака қасддан укасини пичоқлабди», деган гаплар кўпайди. Ҳаммадан ҳам онага қийин бўлди: бир ўғли жароҳатланди, яна бирини суд қилишяпти. Ҳеч кимнинг бошига солмасин!

Онаизорнинг судда гувоҳлик беришини тасаввур қиляпсизми? Қанчалик қийин бўлмасин, Гулнора Алимова бўлиб ўтган воқеаларни рўйи-рост сўзлаб берди:

Ўша куни кечки овқатга тайёргарлик кўраётгандим. Даладан қайтган Шокир ичкарида телевизор кўриб ўтирган укасининг ёнига келиб, бош кийимидан мол ҳиди келаётганини айтди. Сўнг Дилшодга «Нега бош кийимимни молнинг арқони сақланадиган халтага солдинг?» деди. Дилшод акасига гап қайтарганда Шокирнинг жаҳли чиқди ва хонтахта устида турган ниманидир унга қарата отди. Ўғилларим илгари ҳечам жанжаллашишмагани учун аввалига ҳайрон бўлдим. Дилшод «вой», деб биқинини ушлаб, ўтириб қолгач, қўлимдагиларни ташлаб ёнига чопдим. Шокир укасини яхши кўради, ўша кунги воқеа тасодифан юз берди, эҳтиётсизлик қилди-да, болам. Аслида ўғлимнинг укасини пичоқлаш нияти бўлмаган.

«Суд залидан озод этилди»

Суд, судланувчи Ш.Алимовнинг жавобгарлик масаласини муҳокама қилиб, у томонидан содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатларни йўқ деб топди. Шунингдек, жабрланувчи билан ака-укалиги, коллеж ўқувчиси эканлигини, содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини, айни дам тахсил олаётган коллежида намунали хулқи, аъло баҳоларга ўқиши билан бошқа ўқувчиларга ўрнак бўлиши билдириб берилган ижобий тавсифнома, МФЙ раисининг кафиллиги ва ота-онасининг енгиллик берилишини сўраб берган илтимосномасини эътиборга олиб, судланувчи ижтимоий хавфлилигини йўқотди деб эътироф этиб, уни ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилишни лозим деб топди. 

Шокир Алимов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг
70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.

Болаларнинг бир-бири билан ўйинчоқ талашиб ёки оилада ким катта эканини кўрсатиб қўйиш учун ўзаро жанжаллашишини биз, ота-оналар доим ҳам жиддий қабул қилавермаймиз. Ҳатто бир-бирига ўйинчоқ отса ҳам «Бола-да уришади, ярашади», деймиз. Аслида эса мана шундай муносабатимиз кейинчалик каттароқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

 

Акмалжон Кенжабаев,

Жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди судьяси

 

 

           

Киритилди: 16:11 23.10.2019. Ўқилди: 2507 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!