Хабарингиз бор Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Афғонистонда амалий ташриф билан бўлиб турибди. Ушбу ташриф ҳудуд иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очиши билан аҳамиятлидир.
Ташрифнинг асосий мақсади — Андижон вилоятининг экспорт салоҳиятини янада ошириш, ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Ташриф доирасида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов афғонистонлик тадбиркорлар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқотда бўлди.
Музокаралар доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари каби қатор истиқболли йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, Андижонда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотларни Афғонистон бозорига кенг жорий этиш, самарали логистика занжирларини шакллантириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташриф нафақат ташқи бозорларда вилоят маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳудуд иқтисодиёти барқарор ўсишига кучли туртки бериши кутилмоқда.