Яқин кунларда Буюк Британияга АҚШнинг навбатдаги тўртинчи B-52H Stratofortress стратегик бомбардимончи самолёти етиб келиши кутилмоқда.
Бу Британиянинг Fairford Movements сайти маълумотларига асосланган.
Айни пайтда Англиянинг Ферфорд авиабазасида учта B-52H жойлашган. Уларни Шимолий Дакота штатидаги Майнот авиабазасидан кўчириш сешанба куни бошланган.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Европадаги қўмондонлиги маълум қилишича, бомбардимончилар Европада иттифоқчи давлатларнинг Ҳарбий-ҳаво кучлари билан биргаликда "ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва умумий имкониятларни такомиллаштириш" мақсадида бир қатор машғулот ва ўқув парвозларида иштирок этиш учун жойлаштирилмоқда.
Трансатлантик парвоздан сўнг АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг дастлабки бомбардимончилари Европа осмонида Франция, Швеция ва Финляндия қирувчи самолётлари билан биргаликда биринчи режали вазифани бажариб бўлишди.