Украина Қуролли кучлари фронтдаги йўқотишлар юқори бўлгани сабабли институционал тажрибани тўплаш ва уни кейинги бўлинмаларга етказишда қийналмоқда. Бу ҳақда АҚШ армиясининг истеъфодаги подполковниги Дэниел Дэвис YouTube канали эфирида фикр билдирди.
«Украиналиклар институционал тажрибани тўплай олмаяпти, чунки улар жуда тез ҳалок бўляпти. Бу ҳақиқат», — деди у.
Дэвиснинг фикрича, Украина Қуролли кучларининг муаммоларидан бири Россия қўллаётган айрим турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий имкониятларга тенг воситалар етишмаслиги билан боғлиқ.
«Россия кучлари Украина ғарби томон босқичма-босқич илгариламоқда. Улар шахсий таркиб, учувчисиз учиш аппаратлари, артиллерия, планерловчи авиабомбалар, шунингдек, узоқ ва ўрта масофали ракеталар бўйича украин томонидан сезиларли устун. Украина учун эса вариантлар тобора камаймоқда. Бу йўналишларнинг деярли барчасида имкониятлар жуда чекланган», — деди Дэвис.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ўтган ҳафта давомида Россия қўшинлари Донецк вилоятидаги Анновка ва Кучеров Яр, Суми вилоятидаги Перше Травня ва Писаревка, шунингдек, Запорожье вилоятидаги Долинка, Неженка ва Шевченковское аҳоли пунктларини назоратга олган.
Россия томони, шунингдек, бир ҳафта ичида Украинадаги ҳарбий, металлургия ва нефтьни қайта ишлаш корхоналари, логистика марказлари, ёқилғи-энергетика ва транспорт инфратузилмаси объектлари, ҳарбий аэродромлар, дрон ишлаб чиқариш цехлари, ўқ-дори ва ёқилғи омборларига бир марта кенг кўламли ҳамда 12 марта гуруҳли зарба берилганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида ҳарбий мақсадларда фойдаланилгани айтилган Украина порт инфратузилмаси объектлари ҳам ишдан чиқарилгани қайд этилди.
Россия томонининг даъвосига кўра, Украина Қуролли кучлари бир ҳафта давомида 9 610 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи, 3 та танк, 63 та зирҳли жанговар машина, 47 та артиллерия қуроли ва 3 та экипажсиз катерни йўқотган.