"Америка овози" журналистлари Трампга қарши суд даъвоси қўзғатди.
"Америка овози" журналистлари ва уларнинг касаба уюшмалари АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятига қарши суд даъвоси қўзғатиб, АҚШ томонидан молиялаштириладиган ахборот агентликларининг ёпилиши ходимларнинг сўз эркинлиги ҳуқуқини бузаётганини таъкидладилар. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Ўтган ҳафта Американинг "Америка овози" халқаро телерадиокомпанияси кўплаб ходимларининг "маъмурий" таътилга чиқарилгани маълум қилинган эди. Бу эса телерадиокомпания фаолиятининг амалда тўхтатилганини англатиши мумкин.
Журналистларнинг Ню-Ёрк федерал судига топширган шикоятига кўра, бу ҳаракатлар АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишни ҳамда Конгресс "Америка овози"га ваколат берган ва молиялаштирган қонунларни бузмоқда.
Даъвогарлар суддан "Америка овози", "Озод Европа радиоси", "Озодлик радиоси" ва "Озод Осиё радиоси"ни молиялаштирувчи АҚШ Глобал медиа агентлигини ёпиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишни талаб қилмоқдалар.
Агентликнинг ёпилиши президент Доналд Трамп ва миллиардер Илон Маскнинг федерал ҳукуматни қисқартириш бўйича кенг кўламли кампаниясининг бир қисми ҳисобланади. Уларнинг таъкидлашича, федерал ҳукумат америкалик солиқ тўловчиларнинг маблағларини АҚШ манфаатларига мос келмайдиган мақсадларга сарфлаётган экан.