Бугун 5 ноябрь, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Амарсайхана Сайнбуян: Ўзбекистонда ислоҳотлар самарасини кўряпмиз, шу жиҳат бизни юртингизга келишга ундайди

Амарсайхана Сайнбуян: Ўзбекистонда ислоҳотлар самарасини кўряпмиз, шу жиҳат бизни юртингизга келишга ундайди

Мўғулистон Президентининг юртимизга давлат ташрифи давом этмоқда. Бу мамлакат юртимиз учун Осиё минтақасидаги анъанавий ва ишончли ҳамкордир. Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатлари дўстлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган.

Икки мамлакат етакчиларининг самарали музокаралари якунида қабул қилинган ҳужжатлар, айниқса, соҳалар кесимида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Мўғулистон Бош вазири ўринбосари Амарсайхана САЙНБУЯН музокаралар якунида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар, энг муҳими, иқтисодиёт, маданият ва соғлиқни сақлаш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг тарихий алоқалари хусусида фикр билдирди.

– Президентимизнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи жуда муҳим ҳисобланади. Боиси, учрашувларда давлатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Имзоланган шартномалар нафақат мамлакатларимизнинг сиёсий алоқасини, балки савдо-иқтисодиёт, маданият соҳаларидаги ҳамкорлигини ҳам янада кенгайтиришга хизмат қилади. Янги транспорт йўлаклари очилиши ҳам ўта муҳим йўналиш.

Икки давлат ўртасидаги алоқа тарихан яхши ривожланган. Мазкур тарихий ташриф эса халқларимизнинг бир-бирига бўлган дўстлиги, яқинлигини янада мустаҳкамлайди ва икки томонлама алоқани кенгайтиришда алоҳида аҳамият касб этади. Бу ҳали мувафаққиятли ҳамкорликнинг бошланиши, деб ўйлайман.

Давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошди. Ишбилармонларимизнинг савдо-сотиқ ишларини қўллаб-қувватлаш ва товарлар айирбошлаш ҳажмини ошириш йўлида янги бозорлар очишимиз керак. Шунингдек, халқларимиз ўртасидаги туризм, қишлоқ-хўжалиги, банк-молия, кончилик, таълим ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга астойдил киришимиз мақсадга мувофиқ.

Мўғулистон соғлиқни сақлаш маркази Тошкентда филиалини очиш арафасида. Зеро, биз тиббиёт соҳасидаги хизматларимизни Ўзбекистон аҳолисига таклиф этишдан мамнунмиз. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган энг муҳим ва стратегик давлат. Шу сабабдан ҳам тарихан мавжуд алоқаларни қайта тиклашимиз ва ривожлантиришимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Қайд этиш жоиз, мамлакатингиз жуда тез суръатларда ривожланмоқда. Яна бир устувор жиҳат, ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун Ўзбекистонда катта потенциал мавжуд. Жумладан, диёрингизда иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар самарасини кўряпмиз. Айни шу жиҳатлар бизни юртингизга келишга ундайди.

Киритилди: 05:25 26.06.2024. Ўқилди: 672 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!