Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларнинг бузилиш ҳолатлари интернет тармоғида аудиовизуал асарлар ва фонограммаларни сотиш, телекўрсатувларни тарқатиш каби хизмат турлари билан шуғулланадиган МЧЖ лар фаолиятида ҳам кўп учрайди.
🔍Хусусан, Интелллектуал мулк агентлиги кўпчиликка маълум бўлган Allmovies.uz веб сайтини ўрганиши давомида 17 та аудиовизуал асарлардан қонунга хилоф равишда фойдаланилаётганлик ҳолати аниқланди. Ушбу сайт телесериаллар ва телекўрсатувлардан муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз моддий манфаат кўрган ҳолда сотиш фаолияти билан шуғулланган.
📘Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 62-моддасига кўра ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳисобланади.
❗️Агентлик томонидан юқоридаги ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқбузарликка чек қўйиш ва уни олдини олиш мақсадида тегишли МЧЖ маъмуриятига тақдимнома киритилди ва шундай қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриб чиқиш бўйича огоҳлантириш берилди.
👉Натижада муаллифларнинг розилигисиз жойлаштирилган аудиовизуал асарлар Allmovies.uz веб-сайти контентидан олиб ташланди. Шундан сўнг жамият Агентликка кейинги фаолиятида Интеллектуал мулк ҳуқуқларига қатъий риоя этилишини маълум қилди. Томонлар ўртасида ўзаро келишув меморандуми имзоланди.