Президент администрациясидаги ўзгаришлар доирасида Алишер Саидаббасович Султонов президентнинг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
У энди президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили ҳисобланади (бу президент маслаҳатчиси ўринбосарига тенг лавозим).
Алишер Султонов 2015-2018 йилларда «Ўзбекнефтгаз»га раҳбарлик қилган, 2017 йил ноябридан Бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган.
2019 йилда энергетика вазири бўлган, 2022 йил апрелида саломатлиги лавозимидан озод этилганди. 2023 йил майида у президентнинг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаётгани маълум бўлганди.
Шунингдек, президентнинг тегишли фармони билан:
Одил Қаландарович Абдураҳмонов президентнинг спорт бўйича вакили лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан ПА Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари лавозимидан озод этилди.
Эркин Тўрақулович Юлдашев ПА Комплаенс хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди;
Азизбек Аллабергенович Урунов президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили лавозимидан озод этилди.
Яна бир мулозим Азиз Юлдашевич Мағрупов Ўзбекистон президентнинг ташқи инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
Президент администрациясидаги ўзгаришлар доирасида у президентнинг ташқи инвестициялар бўйича вакили лавозимига ўтказилган.
У ўтган ойда президент ёрдамчиси лавозимидан олиниб, маслаҳатчи бўлганди. Энди эса президентнинг ташқи инвестициялар бўйича вакилига айланди. Бу лавозим президент маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тенглаштирилган.
Президент администрациясининг қуйидаги раҳбар ходимларининг лавозимлари ўзгаришсиз қолдирилди:
Хайриддин Мадриддинович Султонов – президент маслаҳатчиси – Спичрайтери;
Шуҳрат Мадаминович Ғаниев – президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси;
Турсинхон Айдарович Худайбергенов – президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси;
Виктор Владимирович Маҳмудов – президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби;
Алишербек Азизович Пайғамов – Президенти администрациясининг Ташқи алоқалар департаменти раҳбари;
Улуғбек Учқунович Қурбонов – президенти протоколи раҳбари.