Бугун 19 октябрь, 2019 йил, шанба

O'ZB

“Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”

“Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”

Ислом дини илму-маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг сай-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эзозланмаганлар. Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир.

            Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато (а.с.) ҳам ўзининг замонаси учун зарур бўлган илмга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга таълим берди: “Аллоҳ Одамга барча нарсаларни номларини ўргатди” (Бақара сураси 31-оят).

Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай шарафли вазифа билан юборди. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади. Дарҳақиқат, ўзгаларга илму-маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Жамиятнинг маънавий, маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатда ифодаланади. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир.

            Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

                        Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

                        Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

            Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга илм маърифатни ўргатган устозларни алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея тарифлаб: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чуммоли, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига дуо қиладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Маълумки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб қувватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ватанимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар таълим тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў этиборини кўтариш, уларнинг ойлик маошларини кўпайтириш каби ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Таълим соҳаси, ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилаётган бундай эътибор таҳсинга лойиқдир. Зеро, улар тарбиялайдиган билимли, ҳам маънавий, ҳам жисмоний кучли фарзандларимиз давлатимиз келажаги бўлади. Бизнинг мусулмонлик бурчимиз – ҳар бир яхшиликка шукур айтиш ва бу хайрли ислоҳотларда фаол бўлиб, имкон борича қўллаб қувватлашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

“Аммор ибн Ёсир” жоме масжиди имом-хатиби Б.Эрданов

Manba: fitrat.uz

Киритилди: 08:00 10.10.2019. Ўқилди: 690 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!