Бу йил Адиблар хиёбони очилишининг бир йиллиги муносабати билан илк бора бакалавр, магистр, докторантлар ўртасида "Илҳом" республика танлови ўтказилди. Ижодий ишлар, адабий мақолалар танлови. Бугун хиёбондаги Алишер Навоий ҳайкали тагида ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Биринчи ўринга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети 2-босқич магистранти Акром Малик лойиқ кўрилди. Унга Президент соврини — "Спарк" автомобили калити топширилди.
Тақдирлашдан сўнг Акромни ўраб олган журналистлар, тасвирчилар, фотомухбирларни кўриб, Навоий таваллудининг 580 йиллиги арафасида бўлган бир воқеа эсимга тушиб кетди. Шоир таваллуди муносабати билан республика телеканаллари мендан интервюга одамлар сўради. Ўшанда мен бошқа навоийшунослар қатори Акром Маликни ҳам тавсия қилгандим. Ўшанда қайсидир телеканалнинг журналисти Акромнинг қамалиб чиққанига урғу бериб: "У тақиқда эмасми?" деди. Мен эса: "Йўғий! Яқинда "Адабиёт зиёси" газетасида мақоласи ҳам чиқди-ку!", дедим. Эҳтимол, бугун ўша мухбир қиз Акром ҳақида тўлиқиб, ҳаяжон билан репортаж тайёрлаётгандир. Эҳтимол, Акромни: "Энг яхши ижодкор магистр!" дея оғзи бол томиб мақтаётгандир. Нима бўлганда ҳам Акром энди журналистларнинг миясидаги таъқиқдан ҳам бутунлай чиқди.
Яна бир қизиқ томони, бугун Акром тадбирга соқол билан келибди. Кимларгадир оғирлик қиладиган ўзбекнинг соқоли бугун-эрта барча телеканалларга кўрк бағишлайди. Бугун жонли эфирларда ҳам кетди.
Ҳа, Акром эркин сўзи учун эски Ўзбекистон даврида қамалиб чиққан эди, азиз дўстлар! Аммо янги Ўзбекистон даврида билими, ёзган мақолалари, китоблари сабаб, Президент таклифи билан ташкил этилган танловнинг биринчи ўринига лойиқ қурилди. Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ, деб шуни айтишсалар керак-да!
Акром, мукофот муборак бўлсин! Ота-онангизга раҳмат! деб ёзади Фозил Фарҳод.