Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг ишчи ташриф билан Хоразм вилоятида бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик. Вазирнинг навбатдаги ташриф обекти вилоятдаги аҳоли томорқалари бўлди.
📌Вилоят туманлари қишлоқ хўжалиги бўлим бошлиқлари ҳамда тизим ташкилотларининг масъул ходимлари билан биргаликда аҳоли томорқалари кўздан кечирилар экан, бугун томорқа эгалари фақатгина ўзи учун эмас, балки ўз эҳтиёжини қоплаб, ундан бозорга чиқариши ва шу орқали даромад топиши керак деган фалсафани илгари суриш кераклиги ўртага ташланди.
🟢Хоразмдаги аҳоли хонадонлари билан танишиш чоғида Иброҳим Абдураҳмонов бу ерда ҳам Сайхунобод тажрибасини жорий этиш лозимлигига эътибор қаратар экан, кўпчилик буни ҳали тушуниб етмагани боис, аҳолининг ўз томорқаларидан самарали фойдаланишида эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар ҳамда бунда маҳалла еттилигининг ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Жумладан маҳалла аҳолиси ва фаоллар билан суҳбат чоғида “Ҳар бир маҳаллага кираверишда тартиб, интизом бўлиши, маҳалланинг файзи, гўзаллиги ва озодалиги маҳаллада яшовчи инсонларнинг меҳнацеварлиги, ватанпарварлиги сезилиб туриши керак. Бунинг учун эса маҳалла еттилиги йўл бўйидаги дарахтларга шакл берилишига, кўчаларнинг ҳолати яхшиланишига, ҳудуднинг тозалигига эътибор қаратиши лозим, шундагина аҳоли нафақат ўз хонадонини, балки маҳалласини ҳам севишни бошлайди. Бир-бирига меҳнат маданиятини, озодаликка, гўзалликка ошно бўлишни ўргата бошлайди. Ҳар бир маҳалланинг тинчлиги, тараққиётини таъминлайдиган ва барчага намуна бўлгулик, эртанги кўзгусини шакллантирадиган инсонлар кўпаяди”, – деди вазир Иброҳим Абдураҳмонов.