Россия ёки Беларусга қарши тажовуз бўлган тақдирда, давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид туғилганда Россия ядро қуроли ишлатилиши мумкин.
Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига ратификация учун киритган Иттифоқ давлати доирасида Беларус билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартномада айтилган.
Шартномага кўра, Россия Федерациясининг ядро қуроли Россия ёки Беларусга қарши ядро қуроли ёки бошқа оммавий қирғин қуроллари қўлланилишига жавобан, шунингдек, "томонлардан бирига қарши оддий қуроллар ёрдамида тажовуз қилинганда, унинг суверенитети ёки ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф туғдирилганда" ҳам ишлатилиши мумкин.
Томонлар Иттифоқ давлати аъзосига қуролли ҳужумни бутун Иттифоқ давлатига қарши тажовуз деб ҳисоблаб, ўз ихтиёрларида мавжуд барча куч ва воситалардан фойдаланган ҳолда тегишли жавоб чораларини кўрадилар. Хусусан, Иттифоқдош давлатлардан бирига қарши тажовуз қилинган тақдирда, иккинчи давлат президентларнинг розилиги билан расмий мурожаатдан сўнг дарҳол зарур ҳарбий, ҳарбий-техник ва бошқа ёрдам кўрсатади.