Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона муносабатлар асрлар давомида шаклланиб, тарихий, маданий ва маънавий ришталар асосида мустаҳкамланиб келмоқда. Имом Термизий, Имом Бухорий, Жалолиддин Балхий, Абдураҳмон Жомий каби улуғ алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси икки халқ ўртасидаги яқин алоқаларнинг ёрқин рамзи ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳам Президентимиз ташаббуслари билан Афғонистон билан яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда айниқса, Афғонистонда тинчлик ва барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бугун Термиз халқаро савдо марказида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистон Бош вазири котибияти раҳбари Мулло Абдул Восе ҳамда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо раҳбарлигидаги делегациялар иштирок этди.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, савдо, транспорт, гуманитар ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Афғонистон томонидан Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун юборилган 16 та юк машинасидаги Ҳирот оқ мармари Ўзбекистон томонидан қабул қилиб олинди.
Бундай амалий ҳамкорлик икки биродар халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътиборга сазовардир.