Бугун 29 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

ADM Global Ўзбекистонда гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқаришга 100 миллион АҚШ долларигача инвестиция киритади

ADM Global Ўзбекистонда гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқаришга 100 миллион АҚШ долларигача инвестиция киритади

ADM Jizzakh ва Жанубий Кореянинг DK&G Co компанияси гибрид ва электромобиллар CKD-ишлаб чиқаришини саноат ускуналари билан жиҳозлаш бўйича битим имзолади. Майда узел асосида йиғув цехи қурилишига инвестициялар ҳажми 100 миллион АҚШ долларигача етади. Уни амалга ошириш янги энергия манбаларидан фойдаланувчи автомобиллар (NEV) моделлар туркумини сезиларли даражада кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш ва маҳаллий автомобиль саноатини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиш имконини беради.

Ҳозирги вақтда ADM Jizzakh ҳудудида янги ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиб, у ерда биринчи навбатда CHANGAN брендининг гибрид ва электр автомобилларини, биринчи навбатда UNI-E моделини, шунингдек, CHERY ва HAVAL автомобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш CKD (майда узел асосида йиғиш) технологияси асосида ташкил этилади ҳамда бу кузовни пайвандлаш ва бўяшдан тортиб, якуний йиғув ва тайёр автомобиль сифатини назорат қилишгача бўлган тўлиқ циклни ўз ичига олади. Бугунги кунда худди шундай технология асосида ADM Jizzakh’да ички ёнув двигателига эга Kia автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.

Янги мажмуанинг асосий хусусияти турли брендларга мансуб автомобилларни ягона ишлаб чиқариш линиясида ишлаб чиқариш имконияти бўлади. Ушбу технологик ечим ADM Jizzakh ва DK&G Co мутахассисларининг қўшма муҳандислик ишлари доирасида амалга оширилади. Конвейернинг универсаллиги ишлаб чиқариш мослашувчанлигини таъминлайди ва уни гибрид ҳамда электр автомобилларнинг турли моделларига мослаштириш имконини беради.

NEV йўналишини ривожлантириш ADM Global маҳсулот портфелини кенгайтиришнинг муҳим босқичига айланади. Компания Ўзбекистон бозорига маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган бир нечта янги гибрид ва электромобиль моделларини олиб чиқишни режалаштирмоқда.

«ADM Global’нинг стратегик вазифаси янги автомобиль моделларини ўзлаштириш доирасидан анча кенгдир. Биз автомобилсозлик, компонентлар ишлаб чиқариш, ўз муҳандислик компетенцияларимизни ривожлантириш ва илғор технологияларни жорий этишни бирлаштирувчи замонавий индустриал экотизимни изчил шакллантириб бормоқдамиз. Гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ушбу стратегияни амалга оширишда яна бир муҳим қадам бўлади ва компаниянинг келгуси технологик ривожланиши учун асос яратади», — дея таъкидлади ADM Global компаниясининг бош директори Данияр Давлетияров.

Янги мажмуанинг қурилиши гибрид ва электр автомобилларга бўлган ўсиб бораётган талабга жавоб беради ҳамда автомобиль соҳасидаги глобал трансформацияни акс эттиради. Корхона маҳсулотлари Ўзбекистоннинг ички бозорига ҳам, экспортга ҳам йўналтирилади. Лойиҳани амалга ошириш ADM Global’га халқаро бозорлардаги иштирокини кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг минтақавий автомобиль ишлаб чиқариш марказларидан бири сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради.

Киритилди: Бугун 11:32. Ўқилди: 257 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!