Адлия вазирлиги томонидан аҳолини қийнаб келаётган энг муҳим муаммолар ҳақида 450 дан ортиқ видеоролик ишлаб чиқилган ва YouTube ижтимоий тармоғига жойланган. АОКАда бўлиб ўтган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва мазкур жараёнларни мониторинг қилиш ҳақида маълумот берди:
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида адлия органлари томонидан жойларда жами 200 мингдан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилди.
“Инсон қадри учун” тамойили асосида жорий йилнинг 2–30 июнь кунлари “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” ҳуқуқий акцияси ўтказилди. Акция доирасида адлия органлари томонидан 5 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилди.
Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг электорал маданиятини янада юксалтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошчилигида тегишли идоралар билан ҳамкорликда 14 та ҳудудий тарғибот гуруҳлари шакллантирилиб, жойларда жами 2 750 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Жумладан, телевидение орқали 56 та, радиода 82 та чиқишлар қилинди, 2 138 маротаба семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда 108 дан ортиқ маълумотлар жойлаштирилди, 20 дан кўпроқ таҳлилий маълумотлар ва мақолалар газета ва журналларда чоп этилди.