Ўзбекистондаги олийгоҳларга жорий кириш имтиҳонларида 37,5 фоиз абитуриент энг паст баллни ҳам йиға олмади. Бу ҳақда Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов 18 августда Тошкент шаҳрида ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Журналистлар билан суҳбатда вазирлик расмийси тест синовларида минимал балл тўплаётган абитуриентлар сони камайиб бораётганини таъкидлаган.
“Жорий имтиҳонларда жами 233 935 нафар абитуриент 56,7 баллдан паст балл тўплаган. Бу умумий абитуриентлар сонининг 37,54 фоизига тенг. Бу кўрсаткич 2025 йилда 41 фоиз, 2024 йилда 43 фоиз, 2023 йилда 46 фоиз бўлган. Яъни паст балл олувчилар сони йилдан йилга камайиб бормоқда”, деди у.
Сардор Ражабовга кўра, бу йил давлат гранти асосида ўқишга кириш учун ўртача 134,6 балл, контрактга эса 93,7 балл тўпланган.
Жорий ўқув йилида 677,9 минг нафар абитуриент олийгоҳларга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган. Шундан 389,1 минг нафари 56,7 баллдан юқори натижа қайд этиб, танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган. Иккинчи босқичда абитуриентларга ўз натижаларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва таълим шаклини танлаш имконияти берилган. Натижада 357,6 минг нафар абитуриент ўз танловини амалга оширган.
Якуний танлов натижаларига кўра, бакалавриат таълим йўналишларига 209,1 минг нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган. Шундан 52,8 минг нафари давлат гранти, 156,3 минг нафари тўлов-контракт асосида ўқиш имкониятига эга бўлган. Шунингдек, белгиланган имтиёзлар бўйича алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида 20,5 минг нафар абитуриент талабаликка қабул қилинган.