Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитасининг жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтган йиғилишида 43 та масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қўмита томонидан 28 та масала рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида, 15 та масала эса кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига бағишланди. Уларда Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрларга риоя этилиши, банк ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари ҳамда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Пруденциал талаблар ва қонунчиликда белгиланган қоидаларга риоя этмагани учун 7 та банк ва 13 та тўлов ташкилотига камчиликларни бартараф этиш бўйича огоҳлантириш берилди.
Бундан ташқари, 8 та банкка нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларини бузгани, шунингдек банк хизматлари кўрсатиш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйгани учун жарима санкциялари қўлланилди.
Марказий банк маълумотига кўра, жарима қўлланилишига банкларда ўтказилган инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар, ички назорат тизимидаги бузилишлар ва истеъмолчилар билан муносабатларда қонун талабларига амал қилинмагани сабаб бўлган.
Хабарда жарима қўлланилган банклар номи ошкор этилмаган.