Тошкентда тижорат банкининг масъул шахслари мижознинг 500 минг доллар омонат пулини ўзлаштирди.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкининг масъул шахслари фуқаро И.М.нинг банк омонатига қўйган 500 минг АҚШ долларини сохта ҳужжатлар асосида қўлга киритиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолатга кўра, банк ходимлари омонат маблағларини қалбаки ҳужжатлар орқали расмийлаштириб, ноқонуний равишда ечиб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.