Ҳар қандай қазилма, айниқса юз миллионлаб йиллик тошга айланган қолдиқларни топиш, доимо Еримизнинг ғаройиб ўтмишига назар ташлаш имконини беради. Шулар орасида 350 миллион йил аввалги тошкўмир системасида яшаган Sanfordiacaulis densifolia номли дарахт турининг топилиши алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирда тирик бўлмаса-да, уларнинг қолдиқлари сайёрамизнинг илк экотизимлари ва Ердаги ҳаётнинг эволюцион тажриба-синовларига оид энг ноёб маълумотларни тақдим этади.
350 миллион йиллик ўрмон топилди: Канадада мукаммал сақланган дарахтлар аниқланди
Канаданинг Ню-Брансуик ҳудудида палеонтологлар ҳайратланарли топилмани очдилар. Улар тахминан 350 миллион йил аввал зилзила туфайли тириклайин кўмилиб қолган бешта тошга айланган дарахтни аниқладилар.
Одатдаги дарахт қазилмалари билан таққослаганда, булар бутун дарахтни: танаси, шоҳлари ва баргларини сақлаган ҳолда, тўнка ёки илдиз тизимисиз топилган.
Бундай ноёб топилмалар қадимги ўрмонлар тузилишини ўрганишда ажойиб имконият яратади. Ушбу қазилмалар топилган коннинг эгаси Лори Санфорд шарафига уларга Sanfordiacaulis densifolia номи берилган.
Уларнинг ўзига хос тузилиши диаметри 16 сантиметрга яқин бўлган ингичка танадан ва унинг атрофида 5,5 метрдан ортиқ масофага ёйилган барглардан ҳосил бўлган зич шох-шаббадан иборат. Тепасида 250 дан ортиқ узун барглари зич жойлашган. Бундай ўсиш шакли ёруғликни яхшироқ қабул қилишга имкон беради, шу боис Sanfordiacaulis ўз экотизимида рақобатда устунликка эга бўлган.
Ушбу қазилмалар зилзила туфайли юз берган ҳалокатли ер кўчкисини акс эттиради, натижада дарахтлар тезда ёриқ кўл чўкиндилари остида кўмилиб қолган.