Wildberries & Russ компанияси Ўзбекистонда Марказий Осиё минтақавий логистика хабини ташкил этиб, унинг инфратузилмасига 300 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритади. Бу ҳақда компания бош ижрочи директори Роберт Мирзоян Тошкент халқаро инвестиция форумида маълум қилди.
Мирзояннинг сўзларига кўра, лойиҳанинг асосий иқтисодий самараларидан бири Ўзбекистон экспортини ошириш ва «Made in Uzbekistan» брендини халқаро бозорларда тарғиб қилиш бўлади.
Хабнинг асосини Тошкент вилоятидаги Wildberries саралаш маркази ва майдони қарийб 170 минг квадрат метр бўлган қурилаётган омбор мажмуаси ташкил этади. Ягона тизимга компания фаолият юритаётган бошқа мамлакатлардаги инфратузилма ҳам киритилади.
Янги логистика маркази «Россия — Ўзбекистон — Яқин Шарқ» йўналиши бўйича икки томонлама товар ташишни йўлга қўйиши кутилмоқда. Шунингдек, у «Хитой — Ўзбекистон — Африка» йўналиши бўйича Африка бозорларига товар экспорт қилиш учун транзит нуқта вазифасини бажаради.
Шу тариқа, Ўзбекистон компания учун нафақат товарлар сотиладиган бозор, балки товарларни минтақада ташиш ва экспорт қилиш марказига ҳам айланиши режалаштирилмоқда. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хорижий бозорларга чиқиш учун қўшимча логистика имкониятларини яратади.
Wildberries Ўзбекистонда 2022 йилдан буён фаолият юритади. 2025 йил октябрида Wildberries & Russ «Ўзбекистон почтаси»даги улушни сотиб олган. Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, 2025 йилда Wildberries орқали ўзбек товарларининг айланмаси 1,5 миллиард доллардан ошган.
Wildberries & Russ қўшма компанияси 2024 йил июль ойида Wildberries ва Russ компаниялари бирлашиши натижасида ташкил этилган. Унинг бош ижрочи директори этиб Роберт Мирзоян тайинланган.
Ўзбекистонда инфратузилмасини кенгайтириш билан бир қаторда, Wildberries Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам ўз фаолиятини кучайтирмоқда. Компания Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида майдони 100 минг квадрат метр бўлган тақсимлаш марказини қуришни режалаштирган. Шунингдек, Остонада яна бир объект барпо этиш режаси ҳам мавжуд.