Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази милодий 2025 йилги, яъни ҳижрий 1446 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, бу йил мўмин-мусулмонлар ушбу ибодатларни ўз имкониятларидан келиб чиқиб адо этишлари керак.
Фатво маркази закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб, 61 миллион 200 минг сўм деб белгиланди. Шунга кўра, кимда зарурий эҳтиёжидан ташқари камида 61 миллион 200 минг сўм қийматидаги пул маблағи ёки савдо-тижорат моли бўлса, у жами маблағининг қирқдан бири (2,5%) ни закот ниятида ҳақдорларга бериш мажбуриятига эга.
Фитр садақасининг миқдори ушбу тўрт маҳсулот асосида белгиланди: буғдой унидан 10 минг сўм, арпадан 16 минг сўм, майиздан 110 минг сўм, хурмодан эса 180 минг сўм. Ҳар бир шахс ўз имкониятидан келиб чиқиб, ушбу маҳсулотлардан бирини ёки унинг қийматини фитр садақаси сифатида бериш орқали мажбуриятни бажариши мумкин.
Фидя миқдори эса фитр садақаси миқдори билан бир хил этиб белгиланди. Демак, имконияти чекланган кишилар ушбу тўрт маҳсулотдан бирини ёки унинг қийматини фидя ниятида бериш орқали ўз мажбуриятларини адо этишлари мумкин.
Бу қарор Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилинди ва барча мўмин-мусулмонларга ушбу мажбуриятларни ўз вақтида бажариш тавсия этилмоқда.