Бугун 23 май, 2025 йил, жума

O'ZB

2024 йилда Самарқанддан бир неча мамлакатларга мунтазам ва чартер авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин

A A A
2024 йилда Самарқанддан бир неча мамлакатларга мунтазам ва чартер авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин

2024 йилда Самарқанддан Туркия, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Хитой, шунингдек, Европа шаҳарларига мунтазам ва чартер ҳаво қатновларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Европанинг оммабоп Euronews телеканали веб-сайтида эълон қилинган Ўзбекистонда хусусий авиацияни ривожланишига бағишланган таҳлилий мақолада маълум қилинди.

Нашрда таъкидланишича, янги авиакомпания Самарқандга чет эллик меҳмонларни янада кўпроқ жалб қилишга ёрдам беради.

«Янги авиакомпанияни яратиш одатда маълум бир тижорат хавфини келтириб чиқаради. Аммо «Air Samarkand» компаниясига келсак, бизда сайёҳлар ва ишбилармон меҳмонларни жалб қилиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Бизнинг жаҳон даражасидаги мактабларимиз ва университетларимиз ушбу минтақага бутун дунёдан талабаларни жалб қилади. «Air Samarkand» Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги янги сайёҳлик, маданий, бизнес ва таълим маркази сифатида ривожланишига ёрдам беради», - дея «Air Samarkand» компанияси бош директори Антон Ходжаян сўзларидан иқтибос келтирган манба.

Мақолада кейинги 12 ой ичида «Air Samarkand» Самарқанддан бир қатор йўналишларга чартер ва режали рейсларни йўлга қўйишни режалаштираётгани қайд этилган. Жумладан, келгуси йил бошида Туркия, Вьетнам, Малайзия, Индонезия ва Хитой шаҳарларига парвозлар бошланади ва уларга Европа шаҳарлари ҳам қўшилади.

«Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар туризм соҳасида хусусий ташаббусларнинг сезиларли даражада ошишига олиб келди. Самарқанддаги хусусий капитал «Air Samarkand» каби янги авиакомпанияларни ривожлантириш орқали шаҳар аэропорти ва транспорт алоқаларини яхшилаш имконини бермоқда. Ушбу ташаббус Самарқанднинг туризм, савдо, илмий тадқиқотлар ва бошқа фаолиятни ривожлантириш салоҳиятини очишга қаратилган», - дейилади материалда.

Мақола хулосасида «замонавий аэропорт, сайёҳлик мажмуаси қурилиши ва янги авиакомпанияларнинг ишга туширилиши Самарқанд шаҳрининг дунё сайёҳлик харитасидан муносиб ўрин эгаллашига мустаҳкам пойдевор яратаяпти», - деб ёзган «Euronews»

Киритилди: 16:36 08.12.2023. Ўқилди: 1696 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!