Бугун 18 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

2024 йилда 14 миллиондан ортиқ чақалоқ бирорта ҳам вакцина олмаган

A A A
2024 йилда 14 миллиондан ортиқ чақалоқ бирорта ҳам вакцина олмаган

2024 йили 20 миллионга яқин чақалоқ дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши эмлашдан четда қолган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълум қилди, деб хабар беради БМТнинг расмий сайти.

ЖССТ ва ЮНИСЕФ эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, 14,3 миллион бола умуман бирорта ҳам вакцина дозасини олмаган.

Шу билан бирга, ўтган йили бутун дунё бўйича чақалоқларнинг 89 фоизи — тахминан 115 миллион бола — дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши камида бир доза эмлама олган, 85 фоизи — тахминан 109 миллион бола — ушбу касалликларга қарши тўлиқ, уч дозалик курсни якунлаган.

Болаларни эмлашга бўлган талаб юқори бўлишига қарамай, сўнгги баҳолар хавотирли тенденцияларни кўрсатмоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, болалар турли сабабларга кўра эмланмаяпти — тиббий хизматларнинг чекланганлиги, вакцина етказиб беришдаги узилишлар, можаролар, беқарорлик ва дезинформация.

“Ташқи ёрдамнинг кескин камайиши ва вакциналар хавфсизлиги ҳақидаги ёлғон маълумотлар йиллар давомида эришилган ютуқларга таҳдид солмоқда. ЖССТ ҳамкорлари билан биргаликда мамлакатларга маҳаллий ечимлар топиш ва ички сармояларни оширишда ёрдам беришда давом этади”, — деди ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.

Дунёдаги ҳар тўрт чақалоқдан бири беқарорлик, можаро ёки фавқулодда вазиятлар кузатилаётган 26 мамлакатда яшайди. Вакцина олмаган болаларнинг ярми айнан шу мамлакатларда яшайди. Улар сони 2019 йилда 3,6 миллион бўлган бўлса, 2024 йилда 5,4 миллионга етган. Бу эса эмлашни гуманитар дастурларга мажбурий равишда қўшиш зарурлигини кўрсатади.

“Камайиб бораётган бюджетлар, заиф соғлиқни сақлаш тизимлари, можаролар сонининг ортиши ва дезинформация — орқага чекиниш хавфининг белгисидир. Вазият ўзгармоқда ва миллионлаб болаларни олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ҳимоя қилиш учун ҳозироқ чора кўриш лозим”, — деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел.

Киритилди: 21:05 16.07.2025. Ўқилди: 663 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!