2023 йилда vacancy.argos.uz очиқ портали орқали энг кўп танлов маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари учун ўтказилган.
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова маълум қилди.
Порталдаги давлат органларининг вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.
Вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар:
🔘ҳар бир номзоднинг вакант лавозимга малака талабларига мослигини ўрганиш;
🔘тест орқали унинг билим даражасини синовдан ўтказиш;
🔘ассесмент шаклидаги суҳбат жараёни босқичларидан иборат.
Бунда, танловнинг ҳар бир босқичи натижаси тўғрисидаги маълумотлар номзодларнинг шахсий кабинетига юборилади.
Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп танловлар маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларига — 3 231 та, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тизимида — 2 974 та, Ёшлар ишлари агентлиги тизимида
— 2 484 та, Президент ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида — 2 311 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида — 1 152 та ўтказилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп танловлар Самарқанд
(2 854 та) ва Андижон (2 772 та) вилоятларида ўтказилган бўлиб, шунингдек, Фарғона вилоятида — 2 122 та, Сурхондарё вилоятида — 2 024 та, Қашқадарё вилоятида — 1 948 тани ташкил этмоқда.