2018 йил охиригача Ўзбекистонда интернет-канал нархларини пасайтириш ва мавжуд сиғимларни оператив ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбектелеком» АК бош директори Фарҳод Рўзиев GroundZero coworking марказида бўлиб ўтган йиғилиш вақтида гапириб ўтди.
Компания матбуот хизмати берган хабарда айтилишича, бундан ташқари каналларни ижарага бериш тарифларини пасайтириш бўйича нархлар қайта кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, келгусида операторлар ва провайдерлар учун кенг полосали уланишни ривожлантириш бўйича франчайзинг шериклик модели таклиф этилади.
Фарҳод Рўзиевнинг айтишича, тарифлар қайта кўриб чиқилади ва «Ўзбектелеком» АК инфратузилмаси ижараси бўйича ягона ҳужжат ишлаб чиқилади. Кенг полосали интернет-портларни ижарага бериш сиёсати ҳам тўлиқ қайта кўрилади.
Маълум қилинишича, «Ўзбектелеком» АК Б2О сегменти стратегиясини муҳокама қилиш мақсадида компаниянинг топ-менежерлари ва мамлакатнинг телекоммуникация хизматлари провайдерлари «Ҳамкорликнинг янги формати» мавзусидаги норасмий учрашувда иштирок этишди.
Иштирокчилар асосан ҳамкорликда шаффофлик ва тезкорликни йўлга қўйиш, ягона техник қўллаб-қувватлашни ташкил этиш, Интернет-каналлар ва ИП-транспорт нархларини оптималлаштириш масалалари бўлди.