Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017-2022 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижасини таҳлил қилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва иқтисодиётга янада кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди.
Хусусан, қонунчиликда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида янги "Солиқ кодекси", "Инвестиция ва инвестицион фаолият тўғрисида"ги қонун, "Медиация тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Инвесторлар учун янада қулай шароит яратиш учун Халқаро Тошкент арбитраж маркази ташкил этилди ҳамда "инвестиция кредити", "инвестиция субсидияси" ва "инвестицион виза" каби янги механизмлар жорий қилинди.
Мамлакатда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналар сони 2017-йил бошида 3 тани ташкил этган бўлса, 2022-йилга келиб, 22 тага етди. Улардан 12 таси саноат, 6 таси фармацевтика, 2 таси туризм, 2 таси қишлоқ хўжалигига ихтисослашган.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар ва яратилган имкониятлар мамлакатдаги инвестиция муҳитига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, Ўзбекистон 2019-йилда илк бора Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) нинг "Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тартибга солиш чекловлари индекси"га киритилди ва ушбу индексга кўра, 2020-йилда жаҳонда 43-ўринни, Осиё минтақасида 7-ўринни қайд этди.
2017-2022 йилларда Ўзбекистон халқаро Иқтисодий эркинлик индекси умумий рейтингида ўз ўрнини 31 поғонага яхшилаб, 148-ўриндан 117-ўринга кўтарилди.
Мамлакатимизга киритилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2017-йилда 2,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022-йил якунида ушбу кўрсаткич 1,5 баробар ортиб, 3,3 миллиард АҚШ долларига етди.