Москва ва Москва вилоятида 2025-йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий фуқароларнинг миграция ҳисобига олиш бўйича янги таҗриба лойиҳаси старт олди. Бу ҳақда Москва кўп функцияли миграция маркази (ММК) маълум қилди.
Мазкур таҗриба доирасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украина фуқаролари учун “Amina” мобил иловасидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Илова хорижий фуқароларнинг яшаш жойи ва унинг ўзгариши ҳақида ички ишлар органларига масофадан туриб маълумот бериш имконини беради.
Рўйхатдан ўтиш учун хорижий фуқаро шахсий телефонига “Amina” иловасини ўрнатиши лозим. Авторизация хорижий фуқаролик картаси ёрдамида амалга оширилади, мазкур ҳужжат йўқолган тақдирда эса паспорт маълумотлари орқали кириш мумкин бўлади.
Илова геолокация маълумотларини Россия Ички ишлар вазирлигига узатади. Агар уч иш куни давомида тизимда ҳаракат қайд этилмаса, фуқаро миграция маркази реестридан чиқарилади. Мониторинг қоидаларини бузган шахслар эса “Кузатувдаги шахслар реестри”га киритилиши мумкин.
ММК маълумотига кўра, таҗриба лойиҳаси амалдаги миграция ҳисобига олиш тартибига альтернатив сифатида синов тариқасида жорий қилинмоқда.