Кеча, 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги сунъий интеллект бўйича маслаҳат Кенгашининг 2-йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу Кенгашнинг 2023-2024 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларини муҳокама қилиш ва Кенгаш доирасида ташкил этилган ишчи гуруҳларнинг янги лойиҳаларини шакллантириш, хусусан мамлакатимизнинг Сунъий интеллект бўйича Этика кодексини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳни ва унинг режаларини муҳокамаси бўлиб ўтди. Бундан ташқари сунъий интеллект соҳасида муваффақиятли натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий стартаплар эгаларининг маърузалари тингланди.
Тадбирни Кенгаш раиси, Инновацион ривожланиш вазири маслаҳатчиси Бобур Рахимов очиб берди. Тадбирда мазкур Маслаҳат кенгашига аъзо бўлган Россия, Эрон, Ҳиндистон ва Тожикистондан халқаро экспертлар қатнашди. Кун якунида маслаҳат кенгаши доирасида ишчи гуруҳлар ва уларнинг сунъий интеллект бўйича лойиҳалари кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилди ва маъқулланди. Жумладан, таълим соҳасида, туризм ва креатив индустриялар ва иқтисодиёт тармоқларининг турли соҳаларида лойиҳалар. Сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича этика кодексини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Кенгашнинг асосий вазифаларига Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллект билан боғлиқ барча фаолият йўналишларини қўллаб-қувватлаш, индивидуал лойиҳалар ишлаб чиқиш, истиқболли ташаббусларни йўлга қўйиш ҳамда сунъий интеллектдан онгли ва инсон қадриятларига мос тарзда фойдаланиш киради. Инсон капитали ва салоҳиятидан унумли фойдаланиш, технологияларни ҳаётга татбиқ этиш ва мамлакатнинг умумий ИТ инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига комплекс ёндашув Ўзбекистон Республикасининг умумий иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, шу билан бирга, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини оширишга ижобий таъсир кўрсатади. Кенгаш ўз фаолияти доирасида дунё тажрибаларини чуқур ўрганиб, мавжуд муаммоларни ҳар томонлама кўриб чиқади. Шу сабабли жамият ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш билан боғлиқ билим ва кўникма, ҳаётий тажриба, ғояларга эга бўлган турли ижтимоий гуруҳлардаги инсонларнинг Кенгаш муҳокама жараёнида иштирок этишлари жуда муҳимдир.
Жаҳон иқтисодий форуми асосчиси ва раҳбари Клаус Шваб сунъий интеллектни тўртинчи саноат инқилобининг асосий элементларидан бири деб атади. Шу билан бирга, Кенгаш 2021 йилда бўлиб ўтган Париждаги ЮНEСКО конференциясининг «Сунъий интеллектнинг ахлоқий жиҳатлари тўғрисида»ги кўрсатмаларида акс эттирилган масаланинг аҳлоқий томони ҳақида ҳам атрофлича фикр билдирди.
Oxford Insigths ва халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган ҳамда ҳукуматлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишда сунъий интеллект технологияларини жорий этишда фуқароларнинг тайёргарлик даражасини текширадиган халқаро тайёргарлик индекси маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақаси бу борада ўртача ҳисобда паст кўрсаткичларга эга. Шу билан бирга, Ўзбекистонда маълумотлар сифати ва ҳажмини баҳолаган ҳолда, умумий стратегик қараш ва инсон салоҳиятидан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳам паст деб топилган. Айнан Кенгашнинг энг устувор вазифаси ушбу муаммони ҳал қилишдир.
Маълумот учун: 2022 йил август ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Сунъий интеллект бўйича маслаҳат кенгаши (Кенгаш) ташкил этилган. Жорий йилнинг октябрь ойида унинг биринчи йиғилиши ташкил этилди ва унга халқаро экспертлар, вазирлик ва идоралар, йирик саноат корхоналари, ахборот технологиялари, хусусан сунъий интеллект соҳасидаги стартап компаниялар вакиллари, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларидан 50 дан ортиқ аъзолар қабул қилинган.