Бугун 12 январь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Зиёратчиларга қулайликлар яратиш юзасидан Ўзбекистон делегацияси Ҳаж вазири билан учрашув ўтказди

Зиёратчиларга қулайликлар яратиш юзасидан Ўзбекистон делегацияси Ҳаж вазири билан учрашув ўтказди

Юртимизда Ҳаж ва Умра сафарлари йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташкилий тадбирлар, рақамлаштириш жараёнлари ва ўзбекистонлик зиёратчиларнинг тартиб-интизоми Саудия томонидан юқори баҳоланмоқда.

Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида Жидда шаҳрида мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш муҳокама қилинди, дейилади Ўзбекистон Мусулмонлар идораси маълумотида.

Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги дўстона муносабатлар жадал ривожланаётгани, зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатилаётгани алоҳида қайд этилди.

Айниқса, Ҳаж квотаси аввалгига қараганда 2 карра оширилгани, кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртдошимиз ушбу амалларни бажаргани юқори баҳоланди. Умра сафарлари учун чекловлар олиб ташлангани ва қонуний тартибга солингани таъкидланди.

Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этиш баробарида заминимиздан нафақат Ислом уламолари, балки дунё цивилизациясига катта ҳисса қўшган Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк мутафаккирлар, илм-фан намоёндалари етишиб чиққани ва бугунги ўзгаришлар яна шундай алломалар чиқишига пойдевор бўлишини таъкидлади. Мулоқот якунида томонлар ўзаро эсдалик совғалари алмашишди.

Киритилди: Бугун 15:11. Ўқилди: 230 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!