Президент Владимир Зеленский АҚШ раҳбари Доналд Трамп атрофида нотўғри маълумот тарқатувчи ёки Россия тарафдори позицияни билдирувчи "ортиқча овозлар" борлигини айтди. Бу ҳақда Украина етакчиси Жаҳон иқтисодий форумида маълум қилди.
"Бизнинг муносабатларимиз ҳақиқатан ҳам яхши. Аммо ҳозир биз прагматик даврдамиз. Биз учун президент Трамп атрофида баъзан нотўғри маълумот ёки Россия тарафдори позицияни билдирадиган ортиқча овозлар жуда муҳим масала... Биз учун Европа баланд овозда гапириши, уни эшитишлари жуда муҳим. Трамп атрофида овозлар кўпроқ бўлиши, у тафсилотлар ва хавф-хатарларни аниқ тушуниши керак," - деди Зеленский.
У яна қўшимча қилдики, Трамп каби Украина ҳам урушни тезроқ, лекин адолатли шартлар асосида тугатишга интилмоқда.
"Мен унга айтдим: биз сизнинг ҳамкорингизмиз, бу уруш бизники. Биз барча оғриқли нуқталарни биламиз, биз ўз одамларимизни йўқотдик. Биз ҳам бу йил урушни тугатмоқчимиз. Лекин шунчаки тез эмас, энг аввало, адолатли тарзда. Биз учун ишончли бўлган ҳолда", деди Зеленский.