Бугун 27 июль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Зеленский Россияга зарбаларни кучайтиришга ваъда берди, Москва юзлаб дронлар ҳужуми ҳақида маълум қилди

Зеленский Россияга зарбаларни кучайтиришга ваъда берди, Москва юзлаб дронлар ҳужуми ҳақида маълум қилди

Россия расмийлари маълум қилишича, Украина бир кечада Россия ҳудудига 400 дан ортиқ дрон учирган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Россияга қарши узоқ масофали зарбаларни янада кучайтиришини айтган бир пайтда хабар берилди.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир кечада 452 та Украина дронини йўқ қилган. Вазирлик маълумотида айтилишича, дронлар Россиянинг 16 та ҳудуди, жумладан Москва шаҳри, босиб олинган Қрим, шунингдек Азов ва Қора денгизлари устида ушлаб қолинган.

Москва шаҳар мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, пойтахт томон йўналган камида 43 та дрон ҳавода йўқ қилинган.

Ҳужумлар сабабли Россиянинг Сочи, Краснодар, Калуга, Саратов, Пенза, Нижний Новгород, Ярославль ва Чебоксари аэропортларида вақтинчалик парвоз чекловлари жорий этилди. Шунингдек, Москванинг Внуково, Шереметьево, Домодедово ва Жуковский халқаро аэропортлари фаолияти ҳам вақтинча чекланди.

Зеленский ижтимоий тармоқлардаги мурожаатида Украинанинг Россия ичкарисига берилаётган узоқ масофали зарбалари кўлами ва интенсивлиги янада оширилишини таъкидлади.

«Бизнинг чуқур зарбаларимиз Москва ва Санкт-Петербургга етиб бормаган пайтда Путин урушни Кремлдан узоқда деб ўйларди. Москвада нима бўлаётганини ҳис қилгач, у вазиятнинг ҳақиқий моҳиятини англай бошлайди», — деди Украина президенти.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия раҳбарияти ва элитаси ўз хавфсизлиги учун таҳдидни ҳис қилгандагина урушни тўхтатиш эҳтимоли ортади.

Шу билан бирга, Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Россия ҳам навбатдаги оммавий ҳужумни амалга оширганини маълум қилди. Киев маълумотига кўра, Россия бир кечада 123 та дрон учирган, уларнинг 108 таси йўқ қилинган ёки радиоэлектрон кураш воситалари орқали зарарсизлантирилган. Яна 12 та дрон Украинадаги 10 та объектга зарба берган.

Украина расмийларининг билдиришича, бу ҳужумлардан аввал Россиянинг Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларга уюштирган ракета ва дрон зарбалари оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлган.

Киритилди: 17:21 07.07.2026. Ўқилди: 941 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!