Украина президенти Владимир Зеленский пайшанба куни Парижда француз ҳамкасби Эммануэл Макрон билан учрашиб, Россиянинг Украинага давом этаётган босқинини тўхтатиш режасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Европа етакчилари билан музокараларнинг иккинчи раундини ўтказди.
Макрон билан учрашгандан кейин журналистлар билан суҳбатда бўлган Зеленский Макрон унинг «ғалаба режаси»ни қўллаб-қувватлаганини айтди ва Украина Россияга қарши қишки жанглар олдидан Ғарбнинг кўпроқ ёрдамига муҳтожлигини маълум қилди.
У Россия кучлари сўнгги пайтларда қўшимча ютуқларга эришган «шарқдаги қийин вазият»ни тан олди.
Украина раҳбари, шунингдек, Европа етакчилари билан музокараларда Россия билан урушда юзага келиши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш шартларини муҳокама қилаётгани ҳақидаги тахминларни рад этиб, бундай хабарларни Москвадан келган дезинформациялар билан изоҳлади.
«Бу бизнинг муҳокамаларимиз мавзуси эмас», деди у, «Бу тўғри эмас. Россия оммавий ахборот воситаларида дезинформация билан кўп ишлайди, шунинг учун (бундай хабарлар) тушунарли», - дея қўшимча қилди у.