Володимир Зеленский телеграм саҳифасида Украина ҳарбийлари томонидан қўлга туширилган шимолий кореялик аскарларнинг сўроқ жараёни акс этган видеони эълон қилди.
Асирлардан бири у Украинага қарши урушга жўнатилишини билмаганини, командирлар уларни фақат машғулотлар учун чақирганини айтган. Иккинчи аскар эса оиласи борлигини, аммо улар унинг қаердалигини билмаслигини маълум қилган. Ҳар икки асирдан КХДРга қайтишни хоҳлаш-хоҳлашмасликлари сўралганида, улардан бири қайтишни хоҳлашини, иккинчиси эса Украинада яшашни исташини билдирган.
Зеленский асирлар ватанига қайтишни истамаса, улар учун «бошқа йўллар ҳам бўлиши мумкинлигини» таъкидлади. «Хусусан, уруш ҳақида бор ҳақиқатни тарқатишни хоҳлаган кореяликларга бундай имконият берилади», — деди у.