Украина раҳбарияти 30 йилдан ортиқ вақт олдин ядро қуролидан воз кечишни хато деб ҳисобламоқда ва Россия билан узоқ муддатли тинчликка фақат АҚШ ёрдами билангина эришиш мумкинлигини таъкидламоқда.
Буни Украина президенти Владимир Зеленский Италиянинг "Il Foglio" газетасига берган интервьюсида айтди. Deutsche Welle ушбу интервьюдан парчалар келтирди.
Маълум қилинишича, Трамп билан суҳбат давомида Зеленский, хусусан, 1994 йилдаги Будапешт меморандумини муҳокама қилган. Ушбу меморандумга кўра, АҚШ, Буюк Британия ва Россия собиқ совет республикалари - Украина, Беларус ва Қозоғистонга уларнинг ядро арсеналини йўқ қилиш эвазига хавфсизлик кафолатларини берган эди.
Украина президенти бу қарорни "аҳмоқона ва масъулиятсиз" деб атади, чунки кейинчалик "вазият ўзгариб кетди". Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия Қримни ҳамда Украинанинг шарқидаги Донетск ва Луганск ҳудудларини босиб олганида, Киев кафолат берувчи давлатларни аралашишга чақирган, аммо ҳеч қандай жавоб олмаган.
Зеленский "Украина ўзининг ядровий қуролларини совға қилди," деб таъкидлади. Унинг айтишича, Украина алоҳида давлатлардан эмас, балки НАТОдан хавфсизлик кафолатлари олганида яхшироқ бўларди.
Зеленский Трамп билан суҳбатда "Биз ядро қуролини урушга алмаштириб олдик," деб якунлади.
Шу билан бирга, Зеленский АҚШ президентининг Украинага кучли ёрдам кўрсатишга қодир эканлигига ишонч билдирди.