2013 йилнинг октябр ойида ўз даврининг йирик тадбиркори бўлган Шомурод Нурмаматов турмуш ўртоғи билан бирга ўз уйида ўлдириб кетилган. Орадан қарийб 12 йил ўтганига қарамай ушбу жиноят ҳамон одамларнинг тилида турли миш-мишларга қоришиб юради: кимдир “бойнинг душмани бой бўлади-да” деса, бошқа биров “бу ишда жуда катта одамларнинг қўли бўлган” дейди. Хўш, аслида тадбиркорни ким ва нима мақсадда ўлдирганди? Kun.uz мазкур жиноят тафсилотларини ўрганди.
Шомурод Нурмаматов ким?
Шомурод Нурмаматов Самарқандда ўз даврининг энг бадавлат инсонларидан бири эди. Уни кўпчилик “нолдан кўтарилган” тадбиркор, сахий инсон сифатида таниган. Уни яқиндан билганлар борки, босиқ ва вазмин, узоқни кўра оладиган тадбирли киши эди, деб эслайди.
Оиладаги 10 фарзанддан бири бўлган Шомурод Нурмаматов Паст Дарғом туманида вояга етган. У 1997-1998 йилларда туманда фирма ташкил қилиб, автомобилларга газ қуйиш шохобчасини ишга туширган.
Шундан сўнг у тадбиркорлигини секин-аста ривожлантириб борган. 2006-2007 йилларда Самарқанд туманининг Бухори маҳалласидан хонадон сотиб олган ва ушбу уйга кўчиб ўтган. Албатта, уй ҳам қасрдан кам эмас, Нурмаматовнинг иқтисодий имкониятига мос эди.
Тадбиркор ушбу уйда турмуш ўртоғи Гулзода Мамирова билан биргаликда яшаб келган. Фарзандлари эса асосан Тошкент шаҳрида ўқиш билан машғул бўлишган.
2013 йилга келиб Шомурод Нурмаматов бир нечта “метан-заправка”, тўйхона ва бошқа мулкларнинг эгасига айланганди. Шу сабабли одамлар уни йирик бойлардан бири сифатида билишарди.
Айиққа берилмаган егулик
2009 йилда тадбиркор Паст Дарғом туманида “Шермамат ота” тўйхонасини ишга туширади. Унга иш бошқарувчи сифатида Феруз, иш бошқарувчига ёрдамчи сифатида эса Роҳат исмли йигитлар тайинланади.
Роҳат аввалдан Шомурод Нурмаматовга уй ишларида кўмаклашиб юрарди. Усталарга қараш, уй юмушларини бажариш, ҳатто хонадондаги айиқни боқиш ҳам унинг зиммасида эди. Йигит тўйхонада иш бўлмаган кунлари Шомурод Нурмаматовнинг уйида тунаб қолаверарди. Сабаби тадбиркор уни ўз ўғли каби яхши кўрган.
2013 йил 13 октябр куни тушга яқин тўйхонага Гулзода Мамирова келиб, ишни назорат қилади ҳамда Роҳатга “Биз бугун Шомурод ака билан Тошкентга болаларнинг олдига кетяпмиз, соат 16:00 ларда уйга боринг, қаровчи бўлиб қоласиз”, дейди. Йигит айтилган вақтда уйга боради. Тадбиркор ва аёли Тошкентга кетади. Кетиш олдидан Роҳатга хушёр бўлишни тайинлашади.
Ўша куни соат 19:00 ларда Шомурод Нурмаматов Роҳатга қўнғироқ қилади. “Кузатув камерасига тушунасанми? Уйни кимдир суратга туширибди, шуни кўр-чи, кейин менга айтасан» дейди суҳбат чоғида тадбиркор. Роҳат кузатув камералари хотираси ёзиб олинадиган хонага кириб, 1 кун олдинги ёзувларни кўриб чиқади. Аммо уй атрофида эътибор тортгулик бегона шахслар кўринмайди.
2013 йил 17 октябр куни тадбиркор ва турмуш ўртоғи пойтахтдан қайтади. Шу билан Роҳат тўйхонага кетиб, ўз ишлари билан машғул бўлади.
Шомурод Нурмаматов уйида айиқ ҳам боқарди. Деярли ҳар куни тўйхонага бориб, ишни назорат қиладиган Гулзода Мамирова уйга қайтишда айиққа бериш учун ортиб қолган гўшт ва бошқа овқатлардан олиб кетарди.
2013 йил 21 октябр куни ресторанда тўй бўлса ҳам Гулзода Мамирова тўйхонага келмайди. Роҳат эртаси куни, яъни 22 октябр эрталаб Ферузга айиқ учун егулик бериб, тадбиркорнинг уйига олиб боришни айтади ва унга дарвоза калитини бериб юборади. Хонадонга борган Феруз эса Роҳатга қўнғироқ қилиб, уй дарвозаси очилмаётганини, эшикни тақиллатса-да ҳеч ким қарамаётганини билдиради.
Роҳат ўзи бориб очишини айтиб, тадбиркорнинг уйига қараб йўл олади. Етиб боргач, Ферузнинг қўлидан калитни олиб, дарвоза эшигини очмоқчи бўлади. Аммо эшик очилмайди. Сабаби эшикка ичкаридан калит тиқиб қўйилганди.
Роҳат уйга қўшни томондаги девор орқали ошиб тушади. Сўнгра тераска орқали дарвозахонага ўтади. Шунда унинг кўзи дарвоза яқинида йиқилиб ётган Шомурод Нурмаматовга тушади. Дарвоза ёнидаги темир сейф ҳам эшиги очилган ҳолда турарди. Роҳат дарвозани очади ва тўйхона иш бошқарувчиси Феруз ҳам кириб, ҳолатни кўради.
Йигитлар нима бўлганлигини билиш мақсадида кузатув камералари хотирасидаги ёзувларни кўрмоқчи бўлишади. Аммо кузатув камерасининг процессори олиб кетилганди.
Жиноий режа
Самарқанддаги бадавлат одамларни босқинчилик тўли билан тунаш режаси жиноят содир этилишидан анча олдин Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида тузилганди. Фақат кимни қачон тунаш ҳақида ҳали бир тўхтамга келинмаган эди.
Жиноий гуруҳга Абдуназар Бекназаров раҳбарлик қилган. Мирэргаш Маматқулов, Юнус Эрнапасов, Ўлмас Холиқов ва Дониёр исмли шахслар эса жиноий гуруҳ аъзолари бўлган.
Жиноий гуруҳ аъзолари Россияда ишлаб юрган вақтларида Абдуназар Бекназаровнинг таъсири остида диний жамоатга бирлашишган. Улар Самарқандга қайтиб, босқинчилик ва қотиллик орқали бой одамларнинг мулкига эгалик қилиш, қўлга киритилган бойликларни жиҳод йўлида сарфлашни мақсад қилишган.
Абдуназар Бекназаров ва Мирэргаш Маматқулов 2013 йил 9 октябр куни поездда Россиядан Самарқандга келишган. Сўнгра гуруҳ аъзолари Самарқанд шаҳрида ижарага олинган квартирада режа тузишган. Улар электрошок, пичоқ, бейсбол битаси билан қуролланишган.
Ўхшамаган икки уриниш
Гуруҳ аъзолари аввалига Илҳом исмли фермер ва банкда ишловчи Собир исмли шахсларга нисбатан босқинчилик қилмоқчи бўлади.
Шу мақсадда улар 2013 йил 11 ва 12 октябр кунлари кечқурун босқинчилик ҳамда қотиллик қилиш учун Собирнинг уйи атрофига боришади. Аммо биринчи гал бегона эркак, иккинчи гал эса қўшниларнинг кўчада жанжал қилиши ишнинг “белига тепади”.
Сўнгра жиноятчилар Илҳом исмли фермернинг ерига боришади. Бироқ ҳар куни машинада даласига бир келиб кетадиган фермер ўша куни келмайди. Шу тариқа икки уриниш ўхшамайди.
“Агент”га айланган энага
Дастлабки уринишлар амалга ошмагач, жиноий гуруҳ аъзоларидан бири Юнус Эрнапасов Шомурод исмли бой одам борлигини, жияни Мафтуна Эрнапасова унинг уйида энагалик қилганини айтиб қолади.
Тадбиркорга тегишли тўйхонада салат тайёрловчи бўлиб ишлаган Мафтуна Эрнапасова чиндан ҳам Гулзода Мамированинг таклифига биноан гоҳида уларнинг хонадонига бориб, Шомурод Нурмаматовнинг кенжа қизига энагалик қилиб турарди. Шу сабабли у уйнинг қаерида қандай хона борлигини, ким қайси хонада ухлашини, сейфнинг туриш жойини яхши биларди.
Юнус Эрнапасов жиянидан бу нарсаларни сўраб, уйнинг чизмасини чизиб олади. Шу тариқа, Мафтуна Эрнапасова ҳам жиноий тўдага қўшилиб қолади.
Қасрдаги қонли тун
Жиноий гуруҳ аъзолари 2-3 кун Шомурод Нурмаматовнинг уйини кузатишади: хонадонга қаердан кириш мумкинлигини, кузатув камералари жойини билиб олишади.
2013 йил 19 октябр куни кечда жиноятчилар электрошок, бита ва пичоқ билан қуролланиб, тадбиркорнинг уйи ёнига келишади. Лекин Дониёрни нотаниш эркак кўриб, у билан суҳбатлашиб қолади. Шу сабабли ўша тунда жиноий режа амалга ошмайди.
Эртасига, 20 октябр куни соат 22:00 ларда Абдуназар Бекназаров ва Мирэргаш Маматқулов яна тадбиркорнинг уйи олдида пайдо бўлади. Улар қўнғироқ қилиб, Юнус Эрнапасовни чақиришади. Ўлмас Холиқов узоқда эканлиги учун уни чақиришмайди, Дониёр эса қўнғироққа жавоб бермайди.
Шу тариқа жиноий гуруҳнинг уч аъзоси – Абдуназар Бекназаров, Мирэргаш Маматқулов ва Юнус Эрнапасов ниқоб сифатида қора шапкани юзларига бостириб кийиб, соат 24:00 дан кейин узум войиши орқали ҳовлига киришади. Абдуназар Бекназаров доим кўзойнак тақиб юрарди. Аммо ўша куни у кўзига линза тақиб келганди.
Жиноятчилар ҳовлига кириши билан уй олдига машина келади. Ундан тушган аёл ва эркак уйга кириб кетади. Улар атрофда нима содир бўлаётганлигини сезишмаганди.
Мафтуна Эрнапасова Роҳат исмли йигит Шомурод Нурмаматовга уй ишларида қарашиб юришини, у кўп ҳолларда дарвозахона ёнидаги хонада ухлашини айтганди. Шу сабабли Мирэргаш Маматқулов ўша хонага, Абдуназар Бекназаров ва Юнус Эрнапасов эса ётоқхонага қараб кетади. Лекин Роҳат ўша тунда тўйхонада ётиб қолганди ва уйда тадбиркор ва аёли ёлғиз эди.
Ётоқхонага киргач Абдуназар Бекназаров электрошокни олиб, ухлаб ётган Шомурод Нурмаматовнинг бўйнига уради. Бироқ электрошок ишламай қолади. Уйғониб кетган тадбиркор ўрнидан туриб Абдуназар Бекназаровга мушт туширади. Зарбадан унинг бир кўзидаги линза тушиб кетади. Қолаверса, жиноятчи дераза орқали ҳовлига йиқилиб тушган, кетидан чиққан тадбиркор уни дўппослай бошлаганди. Шу вақтда Роҳатнинг хонасидан чиқиб келган Мирэргаш Маматқулов югуриб бориб Шомурод Нурмаматовга икки марта пичоқ уради. Шундай қилиб тадбиркор воқеа жойида, дарвозахонада ҳалок бўлади.
Бу пайтда Юнус Эрнапасов тадбиркорнинг турмуш ўртоғи Гулзода Мамированинг бўғзига пичоқ тираб ўтирганди. Ундан сейфнинг калитини сўраб олишади. Сўнгра қўл ва оёқларини боғлаб, бошига целлофан кийгизган ҳолда бўғиб ўлдиришади.
Қотиллар сейфдан олтин ва бриллиантдан ишланган 50 турдаги тақинчоқларини, 30 минг АҚШ доллари ва 12 млн сўм пулни олишади. Кейин кузатув камерасининг процессорини олиб, уйдан чиқиб кетишади. Мирэргаш Маматқулов жиноятда фойдаланилган пичоқ ва бошқа нарсаларни йўқ қилади, процессорни эса қурилиши битмаган бино ичига отиб юборади.
Қотилларнинг қўлга олиниши
Жиноятнинг эртаси куни гуруҳ аъзолари яна ижарага олинган квартирада тўпланишади. Қўлга киритилган бойлик ўзаро тақсимланади. Сўнгра Мирэргаш Маматқулов ва Абдуназар Бекназаров Навоий шаҳрига бориб, у ердан поездга чипта сотиб олган ҳолда Россияга жўнаб кетишади. Орадан 2 кун ўтиб Юнус Эрнапасов ҳам самолётда учиб боради. Шу тариқа жиноий гуруҳнинг уч аъзоси Санкт-Петербург шаҳрида учрашади.
Бу орада таниши билан қўнғироқлашган Юнус Эрнапасов 2013 йил 27 октябр куни Дониёр ўзини Самарқанд шаҳрида портлатиб юборганини эшитади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари уларнинг жиноятини фош қилишганини билиб, учаласи Махачқалъа шаҳрига қочиб кетишади. Жиноятчилар 2013 йил ноябр ойида қўлга тушишган ва кейинчалик Ўзбекистонга олиб келинган.
Жазо
Абдуназар Бекназаров вафот этган. Шу сабабли жиноий ишнинг унга тегишли қисми тугатилган.
Суд ҳукми билан Мирэргаш Маматқулов Жиноят кодекси 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “а,ж,и,о,п” бандлари ва 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисмининг “а,в” бандлари билан айбли деб топилган. Унга 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазонинг дастлабки 3 йилини турмага қамаш тариқасида ўтаттириш белгиланган.
Шу моддалар билан Юнус Эрнапасов 23 йил (дастлабки 3 йилини турмага қамаш тариқасида ўтаттириш), Мафтуна Эрнапасова 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган. Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги амнистия қарори билан Мафтуна Эрнапасовага тайинланган жазонинг ўталмаган қисми тўртдан бирига қисқартирилган.
Ўлмас Холиқовга Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “и,о,п,р” бандлари ва 25,164-моддаси 4-қисми “а,в” бандларига асосан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Материал Олий суд ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.