Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Краснодар ўлкасига дронлар ҳужумига изоҳ берар экан, Ғарб давлатларини терроризмни молиялаштиришда айблади.
Бу баёнот Россия томони Украина зиммасига юклаётган Краснодар ўлкасига дронлар ҳужумидан сўнг янгради.
Захарованинг сўзларига кўра, «Европа марказида Украинада ҳокимиятни эгаллаб олган террористик гуруҳ фаолият юритмоқда», НАТО давлатлари эса, унинг таъкидлашича, терроризмни молиялаштирмоқда.
«Яқинда НАТО ва Европа Иттифоқи терроризмга нисбатан мутлақ муросасизлик сиёсатини эълон қилган эди. Энди эса уларнинг ўзи халқаро терроризмнинг бир қисмига айланди», — деди Россия ташқи сиёсий идораси вакили.
Россия расмийлари маълумотига кўра, 3 август куни Краснодар ўлкасига уюштирилган дронлар ҳужуми оқибатида Геленжик яқинидаги Архипо-Осиповка қишлоғи соҳилида саккиз киши ҳалок бўлган, яна 58 киши жароҳат олган.