Бугун 6 август, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Банклар ва микромолия ташкилотлари энди исломий банк фаолиятига ўтиши мумкин

Банклар ва микромолия ташкилотлари энди исломий банк фаолиятига ўтиши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди.

Тегишли ҳужжат 2026 йил 1 август куни 3656-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Ўзгартиришлар 2026 йил 27 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1126-сон қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган.

Янги тартибга кўра, кредит ташкилотларини қуйидаги шаклларда қайта ташкил этиш мумкин:

— микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;

— фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;

— фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;

— фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;

— банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, оддий банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш ҳуқуқига фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки эга бўлади.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолияти учун тегишли лицензияларни олишда яна бир талаб белгиланган.

Жумладан, микромолия банки биносида ногиронлиги бўлган шахслар учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиши керак. Бу ҳолат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг тегишли хулосаси билан тасдиқланади.

Киритилди: 19:27 05.08.2026. Ўқилди: 1334 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!